Форма входа

Поиск

Календарь

«  Май 2008  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Наш опрос

Бу сайтни қандай бахолайсиз?
Всего ответов: 159

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Вторник, 23.04.2024, 17:52
Приветствую Вас Гость | RSS
Жадидлар харакати
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2008 » Май » 20 » АЖАБ САОДАТ (Тоҳир Малик)
19:49
АЖАБ САОДАТ (Тоҳир Малик)

 ...Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш билан банд бўлган бўлса, жон чиқиши билан у ҳам ўлар. Агар юрак эл ғамида, инсонлар ғамида яшаган бўлса, бир ўқ тегиши нима экан, қийма-қийма қилиниб зарралари олам аро сочиб юборилса ҳам ўлмайди, яшайверади...

1938 - мелодий, ўктабр ойининг тўртинчиси, куз кунларининг бири, қуёш аллақачон ботган, аммо теваракдан шом азони эшитилмайдир. Шаҳар марказидаги бу донгдор бино атрофида масжид йўқ. Нари маҳаллалардаги омон қолган масжидлардан қўрқибгина, титрабгина чиққан азон чақириғи тўрт-беш хонадон деворидан аранг ошиб ўтишга қурби етади. Донгдор бинода гуноҳлари нима эканини билолмай ҳайрон ётган маҳбуслар шом кирганини кичкина дарчадан тушиб турувчи нурнинг йўқолганидан биладилар. Озодликдан нишона бўлиб туюлувчи бу нурни ҳар тонг умид билан кутиб, тушкин ва эзгин кайфиятда узатадилар. Дарчадаги нур йўқолгач, кечлик овқат киритилади. Улар ўлимга маҳкум эканликларини сезишади. Очликдан ўлиб қолмаслик учун, «қонуний» йўл билан отиб ўлдирилишлари учун овқат ейдилар. Сўнг... бу бинода жонланиш бошланади. Аммо кишиларнинг дадил сўзлашишлари, хаҳолаб кулишлари бу иморатни кўкка кўтаргудек эмас. Бундаги товушлар ўзгача, бундаги ташвишлар бошқадир. Бунда дардли инграшлар ҳукмрон...
Бунда терговни кўпроқ тунда қиладилар. Кундузи одам овлаш билан машғул бўладиларми ёхуд туҳмат ва иғво тошларини тўплашдан бўшамайдиларми - бу ёлғиз Яратганга маълум - ҳар ҳолда терговга асосан кечаси чақиришади.
-Кадыри, на выход!
Айни чоқда бошқа эшиклар ҳам очилади:
-Сулейманов - Чулпан, на выход!
-Фитрат...
Ғофил бандалар... Бу сўнгги чақириқ терговга эмаслигини қайдин билишсин? Улар «терговчи уни сўраса, бундай жавоб қайтараман...» деган хаёл билан қўлларини орқага қилган муте бир ҳолда юриб чиқадилар. Улар билмайдиларки, сўроқлари кеча якунига етган. Бу тун отиладилар. Эртага, тонг отгач эса... ҳукм ёзилади. Уларнинг киндик қонлари турли жойларга, турли вақтда томган. Туғилган кунлари ҳужжат учун аниқ ҳам эмас... Фалон мучал, ўрик гуллаганда ёки ҳандалак пишиғида туғилган... Аммо... ўлим топган кунлари аниқ - 4 ўктабр... Аммо 5 ўктабр деб расмийлаштирилади... Юрак қонлари бир жойга тўкилади...
Буни билмайдилар, нима учун ҳовлига олиб чиқишгани ҳам улар учун номаълум. Дарича тугул бирон тирқиши ҳам бўлмаган усти ёпиқ автомобилга чиқиб, ёнма ён ўтиришади. Қоронғида бир-бирларини танимайдилар. Сўзлашиш мумкин эмас. Чурқ эта олмайдилар.
Автомобил қабиҳ манзилга етмоқни истамагандек ихраб-сихраб секин юради. Текис йўл тугаб, ўнқир-чўнқирлик бошланади. Автомобил ҳар силтанганида, чуқурга тушиб-чиққанида мувозанатни йўқотадилар.
Ниҳоят, автомобил тўхтади. Эшик очилиб, қоронғу ерга туташиб кетган юлдузли осмоннинг бир парчаси кўринади. Уларни жарлик ёқаси сари бошладилар. Шунда улар бир-бирларини танидилар. Шунда бу ерга нима учун келтирилганларини англадилар. Осмондаги кемтик Ой ёруғида кўзлар кўзларга тикилиб сўзлашади:
-Киши агар юз, агар минг яшаса ҳам охири ўлмак керак. Эслайсизми, «Бобурнома»да шоир:

«Агар сад сол мони в-ар яке рўз,
Бибояд рафт аз ин коҳи дилафрўз...»

- деган эди. Яъниким, агар юз йил ва агар биргина кун яшасанг ҳам, кўнгул очувчи бу қасрдан кетиш керак бўлур. Биз учун бу қасрдан кетмоқ вақти етубдур.
-Бу қасрдан кетишимдан мен афсусда эмасман. Армоним шуки, бу ҳаётдан бизни ўз дўстларимиз қувдилар. Аҳил-иноқ яшай олмадик. Биз-ку кетамиз, миллатнинг аҳволи не бўлур? Кун келурмики, миллат иттифоқда яшаса? Кун келурмики, қоронғулик чекинса, офтоб чиқса...

-«Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшанган инларга жонлар киргуси.
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта бир ўтилгуси...»

-Гаплашилмасин!
Ҳар эҳтимолга қарши айтилган буйруқ эди бу. Ҳозир кўз кўзга тушиб, юрак юрак билан сўзлашмоқда эди. Юраклар сўзлашувини ҳеч ким ман этолмас. Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш билан банд бўлган бўлса, жон чиқиши билан у ҳам ўлар. Агар юрак эл ғамида, инсонлар ғамида яшаган бўлса, бир ўқ тегиши нима экан, қийма-қийма қилиниб зарралари олам аро сочиб юборилса ҳам ўлмайди, яшайверади. Милтиқларини ўқлаганлар билишмайди буни. Уларга буйруқ берилса бас - тепки босилади... ўқ ҳавода ўтли из қолдириб бориб бедор юракка санчилади. Улар «маҳкумлар ўлди», деб изларига қайтадилар. Буларнинг қўлларига кишан уриб берган «дўст»лари ҳам «улар ўлди» деб ўйларлар. Уларнинг номларини ўчира бошларлар. Бирга тушган суратларини йиртарлар. Кўпчилик бўлиб тушилган суратларда уларнинг кўзларига игна тиқиб тешарлар... Булар милтиқ тепкисини босувчи, буйруқ бажарувчи аскарлар эмас. Улар ўзларини доно фаҳмлайдилар. «Алвасти кўприк» деб аталувчи жар ёқасида милтиқ тепкиси босилувини кутаётганларнинг юраклари тоабад тирик қолишини ҳам биладилар. Била туриб ўзларини фаҳмламаганга оладилар. Йўқ, улар бу юракларнинг ҳам жисмга қўшилиб тупроқ остида чиришини истайдилар. Шукрки, фақат истайдилар халос. Юракка кишан уриб беролмайдилар. Юракни чирита олмайдилар...
Жар ёқасида турган маҳкумлар нималарни ўйлашди? Кўзларидан дарё-дарё ёш оқизиб қолган оилалариними? Ёки бу дунёдан аллақачон кўз юмиб кетган ота-оналари, биродарлариними? Балки Самарқанд дарвозадаги шийпонда қурган суҳбатларини эслашар?
-Асрнинг ўн еттисида онадан қайта ҳур бўлиб туғилдик, деб адашибми эдик?
-Бизки адашдик, фуқаро не қилар?
-«Ҳалокат бўлишин билмай қулочни катта отдим-ку...»
...Милтиқ тепкиси босилунига қадар бир неча нафас вақт бор...
-Мен «дўст»ларимизга ачинаман. Вақти келиб бизнинг ҳақ эканимиз ойдин бўлганида бу дунёда қандай бош кўтариб юрар эканлар? Балки Худо уларни тирик қолдириб, узоқ умр бериб жазолагандир?
-Қиёматда юзма-юз бўлганимизда нима дейишар экан?
Тилга кўчган сўзлар шуларгина эди.
-Гаплашилмасин!
Буйруққа ҳожат ҳам йўқ эди.
Тепкилар босилди, ўлим ўқлари отилди.
Сўзлашмоқ қиёматга қолди.
Уларга ҳеч ким аза очмади. Жаноза ҳам ўқилмади. Чунки уларнинг ўлимидан бехабар эдилар. Ҳатто «дўст»лар ҳам бехабар эдилар. Шунча қилган хизматлари эвазига қувониш бахтидан бебаҳра қолдилар, бечоралар…
Орадан йиллар ўтиб эса... билдилар. Аммо энди кеч эди. Қувонишга асос йўқ. Улар халқ душмани эмас, чин халқпарвар эканликлари маълум бўлди. «Дўст»ларни биров айбламади. Ўзларидан ўтгани ўзларига-ю, Аллоҳга маълум.
Байт:

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулиға сабот,
Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилиқ била от.
(Ҳазрат Навоийдан)
 
2003 й.

Tohir Malik
 

Abdulla Qodiriyning "O'tkan kunkar" romaniga Tohir Malik yozgan taqrizi haqida Hayrulloh Hamidov  o'qigan fayl:

http://www.hilol.com/movie/qodiriy.mp3
 

 
islom.uz
Просмотров: 2302 | Добавил: Saidnosir | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024